البروج
The Great Stars • 22 ayahs • Meccan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Буржларни ўз ичига олган осмонга қасам;
2Ваъда қилинган кунга қасам;
3Гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасам;
4Чоҳ эгаларига лаънат бўлсин!
5У ёқилғиси бор оловдир.
6Ўзлари эса унинг атрофида ўтирибдилар.
7Мўминларга нисбатан қилаётган ишларига ўзлари гувоҳдирлар.
8Улар мўминлардан Азиз (Қудратли, Енгилмас) ва Ҳамид (Мақтовга лойиқ) Аллоҳга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар.
9У шундай Зотки, осмонлару ернинг мулки Уникидир. Аллоҳ ҳар бир нарсага Гувоҳдир.
10Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, кейин тавба қилмаганларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бордир.
11Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир.
12Албатта, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир.
13Албатта, Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради.
14У мағфират қилувчи, яхшиликни раво кўрувчи Зотдир.
15У Арш соҳибидир. Буюкдир.
16Хоҳлаган ишини қилгувчидир.
17Сизга қўшинларнинг хабари келдими?
18Фиръавн ва Самуднинг.
19Асло! Куфр келтирганлар ёлғонга чиқаришдадирлар.
20Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир.
21(Қуръон Карим) асло (шеър эмас)! У буюк Қуръондир.
22(У) Лавҳул Маҳфуздадир.