الأحزاب
The Combined Forces • 73 ayahs • Medinan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг, кофир ва мунофиқларга итоат этманг! Албатта, Аллоҳ Олим ва Ҳаким Зотдир.
2Ўзингизга Парвардигорингиз тарафидан юборилган ваҳийга эргашинг. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишлардан Хабардордир.
3Аллоҳгагина таваккул қилинг. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир.
4Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмас. Сизлар зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она қилган эмас. Асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Булар оғзингиздаги гапларингиздир. Ҳақни эса Аллоҳ айтур. У тўғри йўлга ҳидоят қилур.
5Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хатоларингиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ Мағфиратли ва Раҳмли Зотдир.
6Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан кўра авлороқдир. Унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўмин ва муҳожирлардан ҳақлироқдирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда ёзиб қўйилгандир.
7Пайғамбарлардан, сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олганимизни эсланг. Улардан пухта аҳду паймон олгандик.
8Содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун (шундай қилди). Кофирларга эса аламли азобни тайёрлаб қўйди.
9Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар бостириб келган эди. Бас, уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни яхши кўриб тургувчи эди.
10Ўшанда улар сизнинг устингиздан ҳам, қуйи тарафингиздан ҳам келган эдилар. Кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонларга борган эдингизлар.
11Ана шу ерда мўминлар синовга учрадилар ва қаттиқ ларзага тушдилар.
12Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида марази борлар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизга ғирт ёлғон ваъда берган экан», дердилар.
13Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар», деди. Яна бир гуруҳи эса: «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолганди», дея Пайғамбардан рухсат сўрардилар. Аслида очиқ-сочиқ эмасди. Улар фақат қочишни истаётгандилар.
14Агар уларнинг устига ҳар тарафларидан бостириб кирилса, кейин улардан фитна талаб қилинса, кўп турмасдан ўша ишни аниқ қилган бўлардилар.
15Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга ахду паймон бергандилар. Аллоҳга берилган аҳду паймоннинг жавобгарлиги бор.
16Айтинг: «Гарчи ўлимдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар ҳам бу қочиш сизларга фойда бермас. Демак, жуда оз ҳузурланасизлар».
17Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса ёки сизга раҳматни ирода қилса, сизларни Ундан ким тўса олади?» Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва мададкор топа олмаслар.
18Аллоҳ сизларнинг орангиздаги тўсқинлик қилгувчиларни ва ўз дўстларига «Биз томонга ўтинглар», дегувчиларни аниқ билур. Улар жангга жуда кам келадилар.
19Сизларга бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Хавф туғилган пайтда кўрасизки, сизга худди ўлим талвасасидаги одамдек кўзлари олазарак бўлиб қарай бошлайдилар. Хавф бартараф бўлганидан кейин эса аччиқ тиллари билан сизларни чақиб оладилар. Яхшиликка (ўлжага) ўч бўладилар. Улар иймон келтирмаганлар. Бас, Аллоҳ уларнинг амалларини бекор қилди. Бу иш Аллоҳга осон бўлди.
20Улар фирқаларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар фирқалар яна қайтиб келсалар, кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизлар ҳақингиздаги хабарларни сўраб-билиб туришни истайдилар. Гарчи улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлар эдилар.
21Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп эслайдиган сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.
22Мўминлар фирқаларни кўрган пайтларида: «Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва бу иш уларнинг иймон ва итоатларини янада зиёда қилди.
23Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бор. Улардан айримлари аҳдига вафо қилиб бўлди. Айримлари эса кутиб турибдилар. Улар ҳеч нарсани ўзгартирмадилар.
24Бунга сабаб шуки, Аллоҳ содиқларни садоқатлари учун мукофотлайди. Мунофиқларни эса истаса азоблайди ёки тавбасини қабул қилади. Аллоҳ Мағфиратли, Раҳмли Зотдир.
25Аллоҳ куфр келтирганларни жиғибийрон ҳолларида ортига қайтарди. Улар бирон яхшиликка эриша олмадилар. Жангда мўминлар учун Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Аллоҳ Кучли ва Азиз бўлган Зотдир.
26Аҳли китоблардан уларга ёрдам берганларини қалъаларидан туширди ва қалбларига қўрқув солди. Бир гуруҳини ўлдирасизлар, яна бир гуруҳини эса асир оласизлар.
27Сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ҳамда сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга меросхўр қилди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир бўлган Зотдир.
28Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, келинглар, сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли кузатиб қўяй.
29Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, бас, Аллоҳ сизлардан гўзал ишларни қилгувчи аёлларга улуғ ажру савобни тайёрлаб қўйган».
30Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан қайси бирингиз очиқ гуноҳ қилса, унга азоб икки баробар қилиб берилади. Бу иш Аллоҳга осон.
31Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз.
32Эй Пайғамбар аёллари, агар тақво қилсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмассиз. Шундай бўлгач, майин сўз қилманг, токи қалбида марази бор кимса тама қилиб қолмасин. Тўғри, яхши гапларни айтинглар.
33Уйларингизда барқарор бўлинглар, олдинги динсизлик давридаги безанишлар каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қилинглар! Эй аҳли байт, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.
34Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланглар. Албатта, Аллоҳ Меҳрибон ва Хабардор бўлган Зотдир.
35Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, содиқ ва содиқалар, собир ва собиралар, тавозели эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўзадор эркаклар ва рўзадор аёллар, авратларини асрагувчи эркаклар ва асрагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир.
36Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган пайтида бирон мўмин ва мўмина учун ўз ишларидан ҳеч қандай ихтиёр қолмайди. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озибди.
37Эсланг, Аллоҳ инъом қилган ва сиз ҳам инъом қилган кишига: «Аёлингни ушлаб қол, Аллоҳдан қўрқ», деяпсиз. Аллоҳ ошкор қиладиган ишни ичингизга яширяпсиз. Одамлардан қўрқяпсиз. Қўрқишингизга Аллоҳ ҳақлироқдир. Зайд у билан орани очиқ қилгач, сизни унга уйлантирдик. Токи мўминлар учун боқиб олган болалари аёлларини талоқ қилгач, уларга уйланишда ҳараж-танглик бўлмасин. Аллоҳнинг амри қилиниши лозим иш бўлди.
38Аллоҳ Пайғамбарга фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмас. Олдин ўтганлар ҳақидаги Аллоҳнинг қонунияти (шу). Аллоҳнинг амри белгилаб қўйилган қадар бўлди.
39Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундан қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Ҳисоб қилувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
40Муҳаммад эр кишиларингиздан биронтасининг отаси эмас. Лекин у Аллоҳнинг Пайғамбари ва набийлар хотами (охиргиси). Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи бўлди.
41Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар.
42Ва эртаю кеч У Зотга тасбеҳ айтинглар.
43У шундай Зотки, сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Унинг Ўзи ҳам, фаришталари ҳам салавот айтади. У мўминларга Меҳрибон бўлган Зотдир.
44Рўбарў бўладиган кунда уларнинг сўрашишлари «Салом» бўлади. Улар учун улуғ мукофот тайёрлаб қўйган.
45Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сизни гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборганмиз.
46Ҳамда Аллоҳнинг изни ила У Зотга даъват этувчи ва нурли чироқ қилиб.
47Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан буюк фазл бордир.
48Кофир ва мунофиқларга итоат этманг. Уларнинг озорларига парво қилманг. Аллоҳга таваккал қилинг. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
49Эй иймон келтирганлар, қачон мўминаларни никоҳлаб олиб, кейин уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз, сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, сизлар уларни баҳраманд қилинг ва гўзал тарзда кузатиб юборинг.
50Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сиз учун маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини ҳамда ўзини пайғамбарга ҳадя этган мўмина аёлни, агар пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса, ҳалол қилдик. Бу иш мўминларга эмас, сизгагина хосдир. Биз уларга жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни Ўзимиз яхши биламиз. Сизга ноқулайлик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.
51Сиз улардан ўзингиз хоҳлаганингизни қолдириб, хоҳлаганингизни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан биронтасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Бу уларнинг кўзлари қувонишига, ғам чекмасликларига ва сиз уларга берган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ дилларингизда нима борлигини ҳам билур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалим бўлган Зотдир.
52Сизга бундан кейин аёллар ҳалол бўлмас ва гарчи уларнинг чиройи сизни қизиқтирса ҳам уларни алмаштириш ҳам (ҳалол бўлмас). Қўл остингиздагилар бундан мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
53Эй иймон келтирганлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизлар учун таомга изн берилгандагина киринглар. Унинг пишишини кутиб тургувчи бўлманглар. Лекин чақирилган пайтингизда кириб, таомланиб бўлгач, тарқалиб кетинглар. Гапга берилиб қолиб кетманглар. Бу ишингиз пайғамбарга озор беради ва у сизлардан тортинади. Аллоҳ ҳақдан уялмас. Улардан бирон нарса сўраган пайтингизда парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингиз учун ҳам, уларнинг диллари учун ҳам покроқдир. Аллоҳнинг Пайғамбарига озор беришингиз ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмас. Бу ишингиз Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
54Бирон нарсани ошкор қилсангизлар ҳам, яширсангизлар ҳам, бас, Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
55Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остидаги (қул)лари борасида гуноҳ йўқдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид бўлган Зотдир.
56Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!
57Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлади ва уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди.
58Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасалар ҳам озор бераверадиганлар устларига бўҳтон ва очиқ гуноҳни олибдилар.
59Эй Пайғамбар, аёлларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтингки, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг танилиб туришлари ва озор чекмасликлари учун энг яқин йўлдир. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибондир.
60Агар мунофиқлар, дилларида марази борлар ва Мадинада гап-сўз тарқатиб юрганлар тийилмасалар, албатта, Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз. Кейин улар сиз билан бирга тура олмай қолурлар. Турсалар ҳам жуда оз муддат тура олурлар, холос.
61Турганда ҳам лаънатланиб турадилар. Қаерда топилсалар, ушланиб ўлдириладилар.
62(Бу) Аллоҳнинг олдин ўтганлар борасидаги қонуниятидир. Аллоҳнинг қонуниятига ҳаргиз ўзгартиш кирита олмассиз.
63Одамлар сиздан Қиёмат ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уни билиш Аллоҳнинг ҳузуридадир». Сиз қаёқдан ҳам билардингиз, эҳтимол Қиёмат яқин келиб қолгандир.
64Дарҳақиқат, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди.
65У ерда абадий қоладилар. Бирон дўст ва мададкор топа олмаслар.
66Юзлари оловда айлантириладиган кунда: «Аллоҳга итоат қилганимизда ва Пайғамбарга итоат қилганимизда қани эди», деб қоладилар.
67Дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз бошлиқларимиз ва улуғларимизга итоат этдик ва улар бизни йўлдан оздирдилар.
68Парвардигоро, уларга икки ҳисса азоб бер ва уларни қаттиқ лаънатла!»
69Эй иймон келтирганлар, Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ Мусони улар айтган айбдан поклади. У Аллоҳнинг наздида обрўли эди.
70Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар.
71Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳга ва Расулига итоат этса, улуғ зафарга эришибди.
72Дарҳақиқат, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у золим ва жоҳил эди.
73Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаши ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учун. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.