الجن
The Jinn • 28 ayahs • Meccan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи тинглади ва: «Биз бир ажойиб Қуръонни эшитдик», дедилар».
2«Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган (Қуръонни тингладик) ва унга иймон келтирдик. Энди биз Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз».
3«Дарҳақиқат, Парвардигоримиз буюклиги юксак бўлди. У бирон жуфт ва ё фарзанд тутган эмас».
4Орамиздаги бир аҳмоқ Аллоҳ шаънига ноҳақ сўз айтар эди.
5Биз инс ҳам, жин ҳам Аллоҳ шаънига ҳаргиз ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик.
6Дарҳақиқат, айрим инсон кишилар жин кишилардан паноҳ сўрар эди. Бу иш уларнинг ҳаддан ошишини янада зиёда қилди.
7Дарҳақиқат, улар сизлар ўйлаганингиздек, Аллоҳ бирон кишини қайта тирилтирмас, деб гумон қилардилар.
8Биз самога тирмашдик. Лекин уни кучли қўриқчилар ва куйдириб юборадиган юлдузларга тўла кўрдик.
9Дарҳақиқат, биз тинглаш қулай жойларга ўтириб олар эдик. Энди эса ким қулоқ солса, уни пойлаб турган куйдириб юборувчи юлдузга дуч келади.
10Дарҳақиқат, биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга рушду ҳидоятни ирода қилганми, билмасмиз.
11Дарҳақиқат, орамизда солиҳлар ҳам, бошқалар ҳам бор. Чунки биз турли йўлларда эдик.
12Дарҳақиқат, биз билдикки, ер юзида ҳеч қачон Аллоҳни ожиз қолдира олмас эканмиз ва Ундан қочиб қутула олмас эканмиз.
13Дарҳақиқат, биз ҳидоятни тинглагач, унга иймон келтирдик. Ким Парвардигорига иймон келтирса, савоби камайиб қолишидан ҳам, гуноҳи ортиб кетишидан ҳам қўрқмайди.
14Албатта, орамизда мусулмонлар ҳам бор, йўлдан озганлар ҳам бор. Бас, ким мусулмон бўлса, бас, ана ўшалар тўғри йўлни танлабдилар.
15Адашганлар эса жаҳаннамга ўтин бўлибдилар.
16Улар тўғри йўлда барқарор турганларида эди, уларни мўл ёмғир ила суғорган бўлар эдик.
17Уларни синаш учун. Ким Парвардигорининг зикридан юз ўгирса, У Зот уни қаттиқ азоб сари йўллаб қўяди.
18Дарҳақиқат, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо қилманглар.
19Аллоҳнинг бандаси У Зотга дуо қилиб турган пайтида унинг устига ғуж-ғуж бўлиб ёпирилиб кетай дедилар.
20Айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо қилурман ва У Зотга бирон кимсани шерик қилмасман».
21Айтинг: «Албатта, мен сизларга на бир зиён ва на бир фойда беришга молик эмасман».
22Айтинг: «Албатта, мени Аллоҳдан ҳеч ким ҳимоя қила олмас ва Ундан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман».
23Аллоҳ тарафидан етказиш ва У Зотнинг рисолати бундан мустасно. Ким Аллоҳга ва У Зотнинг Пайғамбарига осийлик қилса, унга дўзах ўти бўлгай ва у ерда мангу қолурлар.
24Ўзларига ваъда қилинган нарсани кўрганларида кимнинг мададкори заифроқ ва сони озроқ эканини билиб оладилар.
25Айтинг: «Сизларга ваъда қилинган нарса яқинми ё унга Парвардигорим узоқ муддат тайин қилганми, билмайман».
26У ғайбни Билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан огоҳ қилмас.
27Ўзи рози бўлган пайғамбаргина бундан мустасно. Бас, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи қўяди.
28Токи билиб олсинки, улар Парвардигорларининг рисолатларини аниқ етказганлар. У Зот улардаги нарсаларни иҳота қилиб олган ва ҳамма нарсанинг саноғини ҳисоб-китоб қилиб қўйган.