نوح
Noah • 28 ayahs • Meccan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин», деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик.
2Деди: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ огоҳлантирувчидирман.
3Аллоҳга ибодат қилинглар, У Зотдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар.
4Гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача тирик қолдирур. Агар биладиган бўлсангизлар, Аллоҳнинг муддати келган вақтида асло кечиктирилмас».
5Деди: «Парвардигорим, мен қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим.
6Менинг даъватим уларга фақат қочишни зиёда қилди, холос.
7Мен қачон уларни Сенинг мағфиратингга даъват қилсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва оёқ тираб турдилар ҳамда мутакаббирлик қилдилар.
8Кейин мен уларни ошкора даъват этдим.
9Кейин даъватимни очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона ҳам айтдим».
10Дедим: «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта, У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир.
11У Зот осмондан устингизга кетма-кет ёмғир ёғдиради.
12Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар қилиб беради ва сизларга оқар дарёлар қилиб беради.
13Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг буюклигидан ҳайиқмайсизлар?
14Ҳолбуки, У Зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!
15Кўрмадингизмики, Аллоҳ таоло етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратди?!
16Улар орасидаги ойни нур, қуёшни эса чироқ айлади.
17Аллоҳ сизларни ердан ундириб чиқарди.
18Кейин сизларни унга қайтаради ва яна чиқариб олади.
19Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди.
20Ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун».
21Нуҳ деди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилиб, мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи зиёда қилган кимсаларга эргашиб кетдилар».
22Жуда катта макр қилдилар.
23Дедилар: «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яуқ ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!»
24«Дарҳақиқат, улар кўпларни адаштирди. Бу золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма».
25Улар хатолари туфайли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар.
26Нуҳ деди: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан биронта қимирлаган тирик жонни қолдирма».
27Сен уларни қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирадилар ва фақат нонкўр, нопокларни туғиб-кўпайтирадилар.
28"Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин, золимларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!"