الحجرات
The Rooms • 18 ayahs • Medinan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Расули олдида улардан олдинга ўтиб кетманглар. Аллоҳдан тақво қилинглар. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
2Эй иймон келтирганлар, овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманглар. Унга бир-бирингизга йўғон овозда гапирганингиздек гапирманглар. Токи ўзларингиз сезмаган ҳолингизда амалларингиз ҳабата кетиб қолмасин.
3Дарҳақиқат, овозларини Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида пасайтирганлар, ана ўшаларнинг қалбларини Аллоҳ тақво учун имтиҳон қилгандир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр бордир.
4Дарҳақиқат, сизни ҳужралар ортидан чақирадиганларнинг аксари ақл юритмаслар.
5Агар улар то уларнинг олдиларига чиққунингизга қадар сабр қилиб турганларида ўзларига яхши бўларди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
6Эй иймон келтирганлар, сизларга бир фосиқ хабар олиб келса, аниқлаштиринглар. Токи бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, кейин қилган ишингизга пушаймон бўлиб юрманглар.
7Билингларки, орангизда Аллоҳнинг Пайғамбари бор. У кўп ишларда сизларга итоат қиладиган бўлса, қийналиб қоласизлар. Лекин Аллоҳ сизларга иймонни севимли қилиб, уни қалбларингизга чиройли қилиб кўрсатди. Куфр, фосиқлик ва маъсиятни эса ёқимсиз қилиб кўрсатди. Ана ўшалар тўғри йўлда юргувчилардир.
8Бу Аллоҳ тарафидан бўлган фазл ва неъматдир. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.
9Агар мўминлардан икки тоифа урушиб қолса, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири бошқасига зўравонлик қилса, ўша зўравонлик қилганига қарши то Аллоҳнинг буйруғига қайтгунига қадар жанг қилинглар. Агар қайтса, уларнинг ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Одил бўлинглар. Албатта, Аллоҳ одилларни яхши кўради.
10Мўминлар шак-шубҳасиз ака-укалардир. Бас, ака-укангизнинг ўртасини ислоҳ қилиб қўйинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар.
11Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин. Эҳтимол улардан яхшироқдирлар. Айрим аёллар бошқа аёлларни ҳам масхара қилмасин. Эҳтимол улардан яхшироқдирлар. Ўзларингизни мазах қилманглар ва бир-бирингизга лақаб қўйманглар. Иймондан кейинги фосиқлик нақадар ёмон ном. Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золимлардир.
12Эй иймон келтирганлар, кўп гумонлардан четланинглар. Айрим гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Бирингиз яна бирингизни ғийбат қилмасин. Бировингиз ўлган биродарининг гўштини ейишни ёқтирадими? Шуни ёқтирмадинглар-ку! Аллоҳдан тақво қилинглар. Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибон Зотдир.
13Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратиб, ўзаро бир-бирингиз билан танишмоғингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг наздида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи, Хабардор Зотдир.
14Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. Айтинг: «Иймон келтирмадинглар. «Бўйсундик», денглар. Иймон ҳали қалбларингизга кириб бормади. Агар Аллоҳга ва Пайғамбарига итоат этсангизлар, сизларга амалларингиздан бирон нарсани камайтирмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир».
15Аллоҳга ва Расулига иймон келтирган, кейин шубҳа қилмаган ҳамда ўз моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлар чин мўминлардир. Ана ўшалар содиқлардир.
16Айтинг: «Аллоҳга динингларни билдириб қўймоқчимисизлар? Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлардаги нарсаларни ҳам, ердаги нарсаларни ҳам билади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир».
17Сизга мусулмон бўлганларини миннат қиладилар. Айтинг: «Менга мусулмон бўлганингизни миннат қилманглар. Аксинча, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилади».
18Албатта, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини билади. Аллоҳ қилаётган ишларингизни Кўргувчидир.