المائدة
The Table Spread • 120 ayahs • Medinan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Эй иймон келтирганлар, битимларга вафо қилинглар. Сизларга чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. (Ҳаромлиги) тиловат қилинганлари ҳамда эҳромдалик пайтингизда овни ҳалол қилиб олишингиз бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаганидек ҳукм қилур.
2Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни (ўлдиришни) ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини (узиб ташлашни) ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-Ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз! (Эҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. Сизларни Каъбадан тўсганлари сабабли бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга сабаб бўлмасин! Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.
3Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. (Жони чиқмай туриб) сўйиб юборганингиз бундан мустасно. Яна бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир. (Мана) бугун кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим ва неъматимни тўкис қилиб бердим ҳамда сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим. Бас, кимки очарчиликда гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса, (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон Зотдир.
4Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг — Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганингизда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир».
5Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминаларнинг афийфалари (ўзини ҳаромдан сақлаганлари) ҳам, сизлардан олдинги Китоб берилганларнинг афийфалари ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у Охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.
6Эй иймон келтирганлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз! Агар бемор ё сафарда бўлсаларингиз ёки бировингиз ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шоядки, шукр қилсангизлар.
7Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва сиздан олган аҳдини эслангиз. Ўшанда: «Эшитдик ва итоат қилдик», дегандингиз. Аллоҳдан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ диллардаги (сирлар)ни ҳам Билгувчидир.
8Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ учун ҳақда турингиз, адолат билан гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
9Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга улар учун мағфират ва улуғ ажр борлигини ваъда қилди.
10Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар — ана ўшалар дўзах эгаларидир.
11Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг сизга берган неъматини эслангиз. Бир қавм сизга қўл кўтармоқчи бўлганида (Аллоҳ) уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. Аллоҳдан қўрқингиз. Мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар.
12Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олди. Улардан ўн иккитасини бошлиқ қилиб юбордик. Аллоҳ айтди: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, намозни тўкис адо этсангиз, закотни берсангиз, пайғамбарларимга иймон келтирсангиз ва ёрдам берсангиз ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз, ёмонликларингизни ўчириб, ўзингизни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Шундан кейин ҳам сизлардан ким куфр келтирса, у тўғри йўлдан аниқ озибди».
13Аҳду паймонларини бузганлари туфайли уларни лаънатладик ва тошбағирга айлантирдик. Улар калималарни ўз ўринларидан ўзгартирадилар ва ўзларига берилган эслатмалардан бир улушини унутиб юбордилар. Сиз ҳар доим улар томонидан бир хиёнатга йўлиқасиз. Озгиналаригина бундан (хиёнат қилишдан) мустасно. Уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.
14«Бизлар насрониймиз», деган кимсалардан ҳам аҳд-паймонларини олдик. (Улар ҳам) ўзларига берилган эслатмалардан бир улушини унутиб юбордилар. Шунда Биз уларнинг ўрталарида то Қиёмат кунига қадар нафрат ва адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилган қилмишларини баён қилиб беради.
15Эй аҳли китоб, сизларга элчимиз китобингиз ичидан сизлар яшириб келган кўп нарсаларни баён қилиб, кўп нарсаларни эса афв этиб - тарк этиб келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан бир нур ва очиқ китоб келди.
16У билан Аллоҳ Ўзининг ризосига эргашганларни саломатлик йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга олиб чиқиб, тўғри йўлга ҳидоят қилур.
17«Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Айтинг: «Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва ер юзидаги ҳамма одамларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳни бирон ишдан қайтара олади?!» Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи истаган нарсасини яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
18Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг болалари ва суюклиларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Балки сизлар ҳам У Зот яратган махлуоқотлар қаторидаги башарсизлар. У Зот Ўзи хоҳлаган одамини мағфират қилур, истаган одамига азоб берур». Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Қайтиб борар жой Унгадир.
19Эй аҳли китоб, «Бизга хушхабар элтувчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келмади», демаслигингиз учун (олдинги) пайғамбарлардан бир муддат ўтиб, сизларга Бизнинг элчимиз келди. Сизларга хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи келди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир.
20Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг. У пайғамбарларни сизлардан чиқарди, сизларни подшоҳлар қилди ва оламлардаги ҳеч кимга бермаган нарсаларни сизларга берди», – деганини эсланг.
21Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг. Акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланасиз.
22Улар: «Эй Мусо, унда зўравон қавм бор. Улар ундан чиқмагунларича биз ҳаргиз кирмасмиз. Улар чиқиб кетсалар, кейин биз кирурмиз», – дедилар.
23Аллоҳдан қўрқадиган ва Аллоҳ уларга (тавфиқ) ато этган икки киши деди: «Уларга (қарши) эшикдан киринглар. Кирсангизлар, сизлар ғолибсизлар. Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳга таваккал қилинглар».
24Улар: «Эй Мусо, модомики, улар ўша ерда экан, биз зинҳор у ерга кирмасмиз. Сен ўзинг Парвардигоринг билан бориб уларга қарши жанг қилаверинглар. Биз шу ерда ўтириб турувчимиз», – дедилар.
25Мусо айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».
26(Аллоҳ) деди: «Энди бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Ер юзида адашиб сарсон-саргардон юрадилар. Сен бу фосиқ қавмдан хафа бўлма».
27Уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилиб беринг. Улар қурбонлик қилганларида биридан қабул қилиниб, бошқасидан қабул қилинмаганди. Шунда у «Сени, албатта, ўлдираман», деганида (укаси) шундай деганди: «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилур.
28Сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман. Мен оламлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман.
29Менинг гуноҳимни ҳам, ўзингнинг гуноҳингни ҳам орқалаб кетиб, дўзах аҳлидан бўлишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир».
30Нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. (Шу билан) зиён кўргувчилардан бўлиб қолди.
31Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни титадиган бир қарға юборди. У: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми — биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!» - деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.
32Шу сабабли Бани Исроил (зиммаси)га шундай ёздик: «Ким ҳеч кимни ўлдирмаган ва ер юзида бузғунчилик қилмаган одамни ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади». Элчиларимиз уларга ҳужжатлар олиб келдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилар (ҳаддан ошгувчилар)дир.
33Аллоҳ ва Пайғамбарига қарши жанг қиладиган, ерда бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларнинг жазоси — ўлдирилишлари ё дорга осилишлари ёки оёқ-қўллари қарама-қарши тарафдан кесилиши ёхуд ердан сургун қилинишларидир. Бу иш улар учун дунёда шармандалик бўлур. Охиратда эса уларга улуғ азоб бордир.
34Уларга қодир бўлишингиздан олдин тавба қилиб қолганлари бундан мустасно. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
35Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, шунда нажот топсангиз.
36Ер юзидаги ҳамма нарса ва яна шунча нарса кофирларники бўлиб, Қиёмат кунининг азобидан қутулиш учун ўшанинг ҳаммасини тўламоқчи бўлсалар ҳам улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир.
37Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар. (Аммо) Улар ундан чиққувчи эмаслар. Уларга доимий азоб бор.
38Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар! (Токи бу иш) уларнинг қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ Азиз ва Ҳакимдир.
39Ким зулм қилганидан кейин тавба қилиб, ўзини ўнглаб олса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ Кечиргувчи ва Меҳрибондир.
40Осмонлару ер Аллоҳнинг мулки эканини, (У Зот) истаган бандасини азоблаб, истаган бандасини кечириб юборишини билмадингизми? Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир.
41Эй Пайғамбар, тилларида иймон келтирдик деб, дилларида эса инонмаганлар ва яҳудийларнинг куфрга ошиқишлари сизни хафа қилмасин. Улар ёлғонни кўп эшитадилар ва сизга келмаган қавмларга ҳам қулоқ соладилар. Сўзларни ўз ўринларига қўйилганидан кейин ўзгартирадилар. Улар: «Агар сизларга мана шу берилса, олинглар, шу берилмаса, эҳтиёт бўлинглар», дейишади. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани тўса олмассиз. Улар шундай кимсалардирки, Аллоҳ уларнинг кўнгилларини поклашни истамади. Улар учун дунёда шармандалик, охиратда эса улуғ азоб бордир.
42Улар (кўпинча) ёлғонга қулоқ соладиган ҳаромхўрлардир. Сизга келсалар, ўрталарида ҳакамлик қилинг ёки улардан юз ўгиринг. Улардан юз ўгирсангиз, сизга ҳеч қачон ҳеч қандай зарар етказа олмаслар. Ҳакамлик қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради.
43Олдиларида Аллоҳнинг ҳукмини ўзида жо қилган Таврот бўла туриб, қандай қилиб сизни ҳакам қилиб оладилар-у, яна шундан кейин (сиз чиқарган ҳукмдан) юз ўгириб кетадилар-а?! Улар мўмин эмаслар.
44Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. Аллоҳга бўйсунувчи пайғамбарлар, раббонийлар ва аҳбор (яҳудий олимлар, раввин)лар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Аллоҳ нозил қилган (дин) билан ҳукм қилмаганлар - ана ўшалар кофирлардир.
45Унда (Тавротда) уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёздик. Ким уни кечиб юборса, ўзи учун каффорат бўлур. Аллоҳ нозил қилган (ваҳий) билан ҳукм қилмаганлар - ана ўшалар золимлардир.
46Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб эргаштирдик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир.
47Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилсинлар. Аллоҳ нозил қилган (ваҳий) билан ҳукм қилмаганлар - ана ўшалар фосиқлардир.
48Биз сизга бу Китобни ҳақ ила нозил қилдик. (Уни сизга) ўзидан олдинги китоб(лар)ни тасдиқловчи ва улар устидан назоратчи (қилиб туширдик). Бас, улар орасида Аллоҳ нозил қилган ваҳий билан ҳакамлик қилинг. Ўзингизга келган ҳақни қўйиб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Аллоҳ истаганида ҳаммангизни бир уммат қилиб қўярди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синаш учун (шундай қилди). Бас, эзгуликларга шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳгадир. Ана ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берур.
49Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг. Уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган нарсаларнинг айримларидан сизни фитнага солишларидан эҳтиёт бўлинг! Юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари туфайли мусибат етказишни хоҳлаяпти. Одамларнинг кўплари фосиқлардир.
50Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Ишончи комил қавм учун Аллоҳдан ҳам яхшироқ ҳукм қиладиган ким бор?!
51Эй иймон келтирганлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз. Улар бир-бирларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларни дўст тутса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят этмас.
52Кўрасизки, қалбида марази борлар: «Бизга бирон мусибат етиб қолишидан қўрқамиз», дея улар сари шошадилар. Шоядки, Аллоҳ ғалаба ёки Ўз ҳузуридан бирон ишни олиб келса ва улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар.
53Иймон келтирганлар: «Жон-жаҳдлари билан «Сизлар билан биргамиз», деб қасам ичганлар шуларми?» - дейдилар. Уларнинг амаллари ҳабата кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолдилар.
54Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни олиб келадики, Аллоҳ уларни яхши кўради, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадилар. Улар мўминларга мулойим, кофирларга эса қаттиққўл бўлиб, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадилар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, (ҳамма нарсани) Билгувчидир.
55Сизларнинг дўстингиз Аллоҳ, Унинг пайғамбари ҳамда ўзларини хор тутиб намозни тўкис адо этадиган, закот берадиган мўминлардир.
56Ким Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса, бас, Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир.
57Эй мўминлар, сизлардан олдинги китоб берилганлардан динингизни масхара ва ўйин қилиб олганларни ҳамда кофирларни дўст тутмангиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз!
58Намозга чақирсангиз, уни масхара ва ўйин қиладилар. Бунга сабаб уларнинг ақлни ишлата билмайдиган қавм эканликларидир.
59Айтинг: «Эй аҳли китоб, сизлар бизни Аллоҳга, бизга нозил қилинган (Қуръон)га ва илгари нозил қилинган (китоблар)га иймон келтирганимиз ҳамда сизларнинг кўпчилигингиз фосиқ бўлганингиз сабаблигина ёмон кўрасизлар».
60Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузуридаги бундан ҳам ёмонроқ «савоб» ҳақида хабар берайми? Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ҳамда тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар энг ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир».
61Улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқарлар. Аллоҳ улар яширган нарсани жуда яхши билгувчидир.
62Улардан кўпларининг гуноҳ, адоват ва ҳаромхўрлик сари ошиқаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон!
63Раббонийлари ва аҳборлари уларни гуноҳ гаплардан ва ҳаромхўрликдан қайтарсалар бўлмасмиди?! Қилаётган ҳунарлари қандай ҳам ёмон-а!
64Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни, бахил)», дедилар. Ўзларининг қўллари боғлансин ва шу гаплари билан лаънатга йўлиқсинлар. Аксинча, У Зотнинг қўллари очиқдир ва Ўзи хоҳлаганича эҳсон қилур. Сизга Парвардигорингиз тарафидан нозил қилинган ваҳий улардан кўпларига туғён ва куфрни аниқ зиёда қилади. То Қиёмат кунига қадар уларнинг ораларига нафрату адоватни солиб қўйганмиз. Қачон уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчиларни ёқтирмайди.
65Аҳли китоб иймон келтириб, тақво қилсалар эди, уларнинг ёмонликларини ўчирган ва наим (лаззатли неъмат) жаннатларига киритган бўлар эдик.
66Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар. Уларнинг ораларида адолатли кишилар ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар.
67Эй Пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Шундай қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.
68Айтинг: «Эй аҳли китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча ҳеч қандай динда эмассизлар». Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни аниқ зиёда қилади. Бас, сиз кофир қавмга ачинманг!
69Иймон келтирганлар, яҳудийлар, собиийлар ва насронийлардан қайси бири Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириб, яхши амаллар қилса, ўшалар учун хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.
70Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик. Қачон уларга бир пайғамбар нафслари хоҳламаган бирон ҳукмни келтирса, бирини ёлғончи қилдилар, яна бирини эса ўлдирадилар.
71Ҳеч қандай синов бўлмайди, деб ўйлаб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнг Аллоҳ уларни кечирди. Шундан кейин улардан кўплари яна кўр ва кар бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб тургувчидир.
72«Аллоҳ Масиҳ ибн Марямнинг ўзидир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ваҳоланки, Масиҳ(нинг ўзи): «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлган Аллоҳга бандалик қилингиз!» - деган. Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Золимларга ёрдам берадиганлар бўлмас.
73Аллоҳ учтанинг учинчисидир, деганлар ҳам аниқ кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётганларидан тийилмасалар, улардан кофир бўлганларни аламли азоб тутади.
74Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтмайдиларми?! Аллоҳ Кечиргувчи, Меҳрибон-ку!
75Масиҳ ибн Марям бир пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар. Уларга оятларни қандай баён қилаётганимизни кўринг, кейин уларнинг қандай бурилиб кетаётганларига назар солинг.
76Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизларга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган нарсаларга ибодат қиласизларми? Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир».
77Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда ноҳақ ҳаддан ошмангиз ҳамда ўзлари ҳам адашган, бошқа кўпларни ҳам адаштирган ва тўғри йўлдан озган қавмнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз».
78Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатланганлар. Негаки, улар исён қилганлар ва тажовузкор бўлганлар.
79Улар бир-бирларини ўзлари қилган гуноҳдан қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!
80Кўрасизки, улардан кўплари куфр келтирганларни дўст тутадилар. Уларга ҳавойи нафслари нақадар ёмон нарсани тақдим этдики, Аллоҳ улардан ғазабланди. Энди улар азобда абадий қолгувчидирлар.
81Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган нарсага иймон келтирганларида эди, уларни дўст тутмаган бўлардилар. Лекин улардан кўплари фосиқлардир.
82Иймон келтирганларга энг ашаддий душманлар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Иймон келтирганларга энг яқин дўстлар эса: «Биз насронийлармиз», деганлар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар, роҳиблар борлиги ва уларнинг кибр қилмасликларидир.
83Улар пайғамбарга нозил қилинган ваҳийни тинглаганларида кўрасизки, ҳақни таниганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилади ва: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бизни шоҳидлар сафига ёзгин», дейдилар.
84«Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа ишонмаймиз-да, яна Парвардигоримиз бизни солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) киритишини тама қиламиз?!»
85Бас, Аллоҳ шу гаплари учун уларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатлар билан мукофотлади. Унда абадий қоладилар. Бу муҳсинлар (ишни пухта, чиройли қилувчилар)нинг мукофотидир.
86Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар - ана ўшалар дўзахийлардир.
87Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизларга ҳалол қилган ёқимли нарсаларни (ўзингизга) ҳаром қилиб олмангиз. Ҳаддингиздан ошмангиз. Аллоҳ ҳаддидан ошадиганларни ёқтирмас.
88Аллоҳ таоло сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар.
89Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун жазоламайди. Лекин қасд қилган қасамингиз учун жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлар билан ўнта мискинни тўйдириш ё уларни кийдириш ёки бир қулни озод қилишдир. Ким (буларни) топа олмаса, (унинг каффорати) уч кун рўза тутишдир. Мана шу ичган қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни эҳтиёт қилингиз. Аллоҳ сизларга оятларини мана шундай баён қилади. Шоядки, шукр қилсангизлар.
90Эй иймон келтирганлар, ароқ, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ҳаромдир, шайтоннинг ишидир. Бас, ундан узоқ бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.
91Ичкилик ва қиморда шайтон ораларингизга нафрат ва адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишни истайди. Энди тўхтарсизлар!
92Аллоҳга итоат этинглар, Пайғамбарга итоат этинглар ва эҳтиёт бўлинглар! Юз ўгирадиган бўлсангизлар, билиб қўйингларки, пайғамбарнинг вазифаси фақатгина етказиб қўйишдир, холос.
93Иймон келтириб, яхши амалларни қилган кишилар модомики, тақво қилиб, мўмин бўлиб, яхши амалларни қилган, кейин яна тақво қилиб, иймон келтирган, кейин яна тақво қилиб, амалларини чиройли, пухта бажарган эканлар, олдинги еб-ичганлари учун уларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ муҳсинларни (амалларни чиройли, пухта бажарадиганларни) севади.
94Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ Ўзидан ким ғойибона қўрқишини билиш учун сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етгудек (жойдаги) ов каби бирон нарса билан синаб кўради. Шундан кейин ким ҳаддидан ошса, унга аламли азоб бор.
95Эй иймон келтирганлар, эҳромдалик пайтингизда овни ўлдирмангиз. Сизлардан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси чорва ҳайвонларидан унга тенг келадиганини ҳадйи қилиб Каъбага етказишдир. (Бу ишда) ўзларингиздан икки одил киши ҳакамлик қилади. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш ёки ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўриши учун ўшанга яраша рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ афв этди. Ким яна қайта шу ишни қилса, Аллоҳ ундан интиқом олур. Аллоҳ Азиз ва интиқом Эгасидир.
96Сизларга денгиз ови ва таоми ҳалол қилинди. (Токи) сизларга ҳам, мусофирларга ҳам манфаатли бўлсин. Модомики, эҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Аллоҳдан қўрқингларки, (ҳаммангиз) У Зотнинг даргоҳида тўпланажаксиз.
97Аллоҳ Каъба — Байтул-Ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадйи (қурбонлик) ва (ҳадйи) белгиларини одамлар учун асос қилиб қўйди. Токи Аллоҳ осмонлардаги нарсаларни ҳам, ердаги нарсаларни ҳам билишини ҳамда Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билиб қўйинглар.
98Билингизки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир ва Аллоҳ Кечиримли, Раҳмлидир.
99Пайғамбарнинг вазифаси фақат етказиш, холос. Аллоҳ яширганингизни ҳам, ошкор қилганингизни ҳам билади.
100Айтингки, нопок билан пок тенг бўлмайди. Гарчи сизни нопокнинг кўплиги ҳайратга солаётган бўлса ҳам. Эй ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар. Шояд, нажот топсангизлар.
101Эй иймон келтирганлар, (айрим) нарсалар ҳақида сўрамангларки, улар очилса, сизларга ёмон бўлади. Қуръон нозил бўлаётган пайтда улар ҳақида сўрасангизлар, улар сизларга аён бўлиб қолади. Аллоҳ улардан кечиб юборганди-ку. Аллоҳ Кечиримли ва Ҳалимдир.
102Уларни сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Кейин эса уларни инкор қиладиган бўлиб қолгандилар.
103Баҳийра (муайян сондаги болани туққач, қулоқлари ёриб қўйилган чорва)ни ҳам, соиба (муайян ёшга етгач, бутлар учун аталган чорва)ни ҳам, васийла (урғочи боладан кейин урғочи болани туққан чорва)ни ҳам, ҳомий (пушти камаридан муайян сондаги бола дунёга келган эркак чорва)ни ҳам Аллоҳ қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдилар. Уларнинг кўплари ақлини ишлатмайдилар.
104Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», дейдилар. Ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!
105Эй иймон келтирганлар, ўзингизни билингиз. Ҳидоят топган бўлсангиз, адашганлар сизга зарар қила олмайди. Ҳаммангизнинг қайтиб борар жойингиз Аллоҳгадир. Ўшанда сизларга қилиб юрган ишларингизнинг хабарини беради.
106Эй иймон келтирганлар, бирортангизнинг ўлими яқинлашиб, васият қилар чоғида ўзингиздан икки адолатли киши ёки сафар қилиб юрган пайтингизда ўлим мусибатига йўлиқсангизлар, ўзгалардан икки киши ўртангизда гувоҳ бўлсин. Агар шубҳа қилсангизлар, гувоҳларни намоздан кейин тутасиз ва улар: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса-да, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. (Шундай қиладиган бўлсак) у ҳолда биз аниқ гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.
107Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари очилиб қолса, ўринларини босадиган икки меросга ҳақдор кишилар энг лойиқ кишилардирки, ҳар иккиси ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ ва биз ҳаддимиздан ошмадик. Агар шундай қилган бўлсак, биз ҳеч шак-шубҳасиз, золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.
108Мана шу рост гувоҳлик беришларига ёки қасамларидан сўнг раддия қасам бўлишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга қулоқ солингиз. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
109Аллоҳ пайғамбарларни тўплаган кунда: «Сизларга қандай жавоб қилинди?» – деб сўрайди. Улар: «Биз билмаймиз, албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни яхши билгувчисан», дейдилар.
110Эсланг! Аллоҳ деди: «Эй Ийсо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни, сени Муқаддас Руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катта бўлганингда ҳам гапирганингни, сенга китобни, ҳикматни, Тавротни ва Инжилни ўргатганимни, Менинг изним ила лойдан қуш шаклини ясаб, унга пуфлаганингда Менинг изним ила чин қушга айланганини, Менинг изним ила туғма кўр ва пес-моховни тузатганингни, Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни, Бани Исроилга аниқ мўъжизалар келтирганингда сени улардан тўсганимни эсла!» Ўшанда улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», деган эди.
111Яна ҳаворийларга: «Менга ва Пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда улар: «Иймон келтирдик, бизнинг итоат қилувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл», деганларини эсла!
112Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон тушира оладими?» – деганларида, у: «Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз», деганини эсла.
113Улар: «Ундан емоқни, қалбларимиз таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истаяпмиз, (холос)», дедилар.
114Ийсо ибн Марям деди: «Аллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун бир байрам ва Сен тарафингдан юборилган бир белги бўлиб қолсин. Ризқимизни Ўзинг бергин. Зеро, Сен энг яхши ризқ бергувчисан».
115Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга нозил қилгувчиман. Шундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни шундай азоблайманки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламайман».
116Эсланг! Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» - деганида, (Ийсо) айтди: «Сен ҳар қандай нуқсондан Поксан, ҳаққим йўқ бўлган гапни гапиришим мумкин эмас-ку. Айтган бўлганимда, Сен, албатта, билар эдинг. Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан.
117Мен уларга фақат Ўзинг буюрган гапнигина айтиб: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз», дедим. Ораларида бўлган пайтимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага Гувоҳдирсан.
118Уларни азобласанг, бас, улар Сенинг бандаларинг. Уларни мағфират қилсанг, бас, албатта, Сен Ғолиб ва Ҳакимдирсан».
119Аллоҳ деди: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари фойда берадиган кун. Уларга остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу улуғ муваффақиятдир».
120Осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки Аллоҳникидир. У ҳар нарсага Қодирдир.