ص
Sad • 88 ayahs • Meccan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръонга қасам.
2Балки куфр келтирганлар такаббурлик ва саркашликдадирлар.
3Биз улардан олдин ҳам қанча асрларни ҳалок этганмиз. Бас, нидо қилдилар. Аммо бу вақт нажот вақти эмас эди.
4Ўзларидан бир огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу бир ёлғончи сеҳргар», дедилар.
5Ҳамма худоларни битта худо қилибдими? Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!
6Уларнинг катталари дедилар: «Юринглар, худоларингиз борасида сабр қилинглар. Албатта, бу қасддан қилинаётган нарсадир».
7Охирги миллат орасида бу ҳақда эшитмадик. Бу тўқимадан бошқа нарса эмас.
8«Орамиздан келиб-келиб ўшанга Зикр нозил қилинибдими?!» Йўқ! Улар Зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар. Йўқ! Улар ҳали азобимни татиб кўрмадилар.
9Ёки Қудратли ва Саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?!
10Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими? У ҳолда сабаблари ила кўтарилаверсинлар!
11Анави ердаги фирқалар орасида мағлуб бўлган бир қўшин.
12Улардан олдин Нуҳ қавми, Од ва қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган.
13Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам. Ана ўшалар фирқалардир.
14Ҳаммалари пайғамбарларни аниқ ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг азобим ҳақ бўлди.
15Ана ўшалар ҳеч тўхтамасдан келадиган биргина даҳшатли қичқириқдан бошқа нарсани кутмаяптилар.
16Дедилар: «Парвардигоро, бизга насибамизни ҳисоб кунидан олдин тезроқ бера қол».
17Cиз улар айтаётган гапларга сабр қилинг ва қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у бутунлай қайтгувчидир.
18Дарҳақиат, Биз тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайт ва эрталаб тасбеҳ айтадилар.
19Тўпланган қушларни ҳам. Барчалари унга қайтгувчидир.
20Унинг давлатини қудратли қилдик. Унга ҳикматни ва очиқ хитобни бердик.
21Сизга даъволашгувчилар хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишганди.
22Довуднинг олдига киришган пайтида улардан қўрқиб кетди. Дедилар: «Қўрқма. Биримиз биримизга тажовуз қилган икки даъволашгувчимиз. Бас, сен бизнинг ўртамизда ҳақ билан ҳукм қил, жабр қилма ва бизни тўғри йўлга бошла».
23«Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиқ қўйи бор. Менинг эса битта совлиқ қўйим бор. У ўшани ҳам менга берасан, деди ва сўзлашувда мени енгди».
24Деди: «Дарҳақиқат, у сенинг совлиқ қўйингни ўзининг совлиқларига қўшиб олишни сўраб сенга зулм қилибди. Кўп шериклар бир-бирларига зулм қиладилар. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина бундан мустасно. Улар жуда озчилик». Довуд уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират тилади ва саждага йиқилиб, тавба-тазарру қилди.
25Бас, унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир.
26Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм чиқар. Ҳавойи нафсга эргашиб кетма. Тағин сени Аллоҳнинг йўлидан оздириб қўймасин. Албатта, Аллоҳ йўлидан озадиганлар учун ҳисоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.
27Осмону ерни ва улар орасидаги нарсаларни беҳуда яратмадик. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганларга дўзахдан иборат ҳалокат бўлсин!
28Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!
29Биз сизга нозил қилган Китоб муборакдир. Токи унинг оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма-ибрат олсинлар.
30Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У нақадар яхши банда. Албатта, у қайтгувчидир.
31Эсланг, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди.
32Бас, деди: «Дарҳақиқат, мен дунё ишқига берилиб кетиб, Парвардигоримни эслашдан чалғиб қолибман. Ҳатто (қуёш) парда ортига беркинибди.
33Уларни менга қайтаринглар». Бас, уларнинг оёқ ва бўйинларини силашга киришди.
34Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни синадик ва тахти устига бир жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарру қилди.
35Деди: «Парвардигорим, мени кечир. Менга мендан кейин бирон кишига муяссар бўлмайдиган подшоҳликни ато эт. Дарҳақиқат, Сенинг Ўзинг ҳадя этгувчисан».
36Бас, унга шамолни бўйсундирдик, унинг амри ила у истаган тарафга майин эсадиган бўлди.
37Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам.
38Бошқаларни ҳам. Кишанланган ҳолларида.
39Бу Бизнинг ато этган нарсамиздир. Бас, инъом эт ёки ўзингда олиб қол. Ҳисоб-китоб қилинмас.
40Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бор.
41Бандамиз Айюбни эсланг. Ўшанда у Парвардигорига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила ушлади», деганди.
42«Оёғинг билан теп! Бу чўмиладиган ва ичиладиган муздек сувдир».
43Ўз томонимиздан марҳамат кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлиши учун унга оиласини ва улар билан бирга яна ўшанчани ҳадя этдик.
44«Қўлингга бир боғ новдани олиб, ўша билан ур. Қасамингни бузма». Дарҳақиқат, Биз уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда. Албатта, у қайтгувчидир.
45Қўллар ва кўзлар эгалари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсланг.
46Дарҳақиқат, Биз уларни (охират) диёрини эслаш хислати билан холис қилдик.
47Ҳақиқатан, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган яхши кишилардандир.
48Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсланг. Барчалари яхшилардандир.
49Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат бордир.
50Дарвозалари очиқ мангу жаннатлар.
51У жойларда ястаниб ўтириб, кўп мева ва шароб чақирурлар.
52Уларнинг ҳузурида кўзларини тийган тенгдошлар бордир.
53Бу сизларга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир.
54Дарҳақиқат, бу Бизнинг ризқимиздир. Унинг адоси йўқ.
55Гап шу. Ҳаддан ошгувчилар учун ёмон оқибат бордир.
56У жаҳаннамдир. Унда ёнадилар. У нақадар ёмон жой!
57Мана буни татисинлар. У қайноқ сув ва йирингдир.
58Бошқалари ҳам шу шаклда турли хилдир.
59Мана булар сизлар билан бирга ташлангувчи гуруҳдир. Хуш келмабдилар! Дарҳақиқат, улар дўзахга киргувчилардир.
60Дедилар: «Аксинча, ўзингиз хуш келмабсиз! Уни бизга сизлар тақдим этдингиз. Нақадар ёмон жой!»
61Дедилар: «Парвардигоро, ким бизга шуни тақдим этган бўлса, унга дўзахдаги азобни икки баробар зиёда қил».
62Дедилар: «Бизга нима бўлдики, ёмонлардан деб ҳисоблаб юрган кишиларни кўрмаяпмиз».
63Биз уларни масхара қилиб олган эдикми ё?! Ёки кўзлар улардан тойдими?
64Дарҳақиқат, дўзах аҳлининг ана шундай талашиб тортишишлари ҳақдир.
65Айтинг: «Мен фақат огоҳлантирувчиман, холос. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У Ягонадир, Қаҳҳордир».
66Осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори, Азиз ва Ғаффор.
67Айтинг: «У улуғ хабардир».
68Сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасизлар.
69Менда тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди.
70Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигим ваҳий қилинади, холос.
71Эсланг! Ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Дарҳақиқат, Мен лойдан бир одам яратгувчиман», деган эди.
72Бас, қачон уни расо қилиб, унга Ўз Руҳимдан пуфлаганимдан кейин унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!
73Бас, ҳамма фаришталар сажда қилдилар.
74Иблисгина бундан мустасно бўлди. Мутакаббирлик қилиб, кофирлардан бўлди.
75Деди: «Эй, Иблис, Ўзим икки Қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми ёки олий даражалилардан эдингми?!»
76Деди: «Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг».
77Деди: «Ундан чиқ! Бас, сен аниқ қувилгансан».
78Ва, албатта, то жазо кунига қадар сенга Менинг лаънатим бўлгай!
79Деди: «Парвардигорим, улар қайта тириладиган кунга қадар менга муҳлат бер».
80Деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан».
81Маълум вақтдаги кунга қадар.
82Деди: «Иззатингга қасамки, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман».
83Улар орасидаги ихлосли бандаларинггина бундан мустасно.
84Деди: «Ҳақиқат шуки, фақат ҳақни айтаман.
85Мен жаҳаннамни сен ва улар орасидаги барча сенга эргашганлар билан тўлдираман».
86Айтинг: «Сизлардан бу ишга ажр сўрамайман ва мен сохтакорлардан эмасман».
87У бутун оламлар учун бир эслатма, холос.
88Унинг хабарини бир муддатдан кейин аниқ билиб оласизлар.