الصافات
Those Ranged in Ranks • 182 ayahs • Meccan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Саф тортиб турган (фаришта)ларга қасам.
2Зажр қилгувчи (фаришта)ларга қасам.
3Зикрни тиловат қилгувчи (фаришта)ларга қасам.
4Дарҳақиқат, илоҳингиз биттадир.
5Осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. Машриқларнинг Парвардигоридир.
6Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар безаги ила безадик.
7Ҳар бир итоатсиз шайтондан сақладик.
8Улар олий мавжудотни эшита олмаслар ва ҳар тарафдан отилурлар.
9Ҳайдалурлар! Улар учун доимий азоб бордир.
10Илло биронтаси бир хабарни ўғирлаб олса, бас, уни учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок қилар).
11Бас, сиз улардан сўранг-чи, улар кучлироқ яратилганмикинлар ёки Биз яратганларми? Дарҳақиқат, Биз уларни бир ёпишқоқ лойдан яратганмиз.
12Сиз таажжубдасиз. Улар эса масхара қилурлар.
13Уларга насиҳат қилинса, насихатни олмайдилар.
14Бирон белгини кўрсалар, масхара қиладилар.
15«Бу очиқ сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейдилар.
16Ўлиб тупроққа, суякка айланиб кетганимиздан кейин қайта тирилар эканмизми?
17Олдинги ота-боболаримиз ҳам-а?
18Айтинг: «Ҳа, хор бўлган ҳолингизда».
19Бас, у биргина қичқириқ, холос. Қарабсизки, улар қараб турибдилар.
20«Шўримиз қурсин! Бу Қиёмат куни-ку», деб қоладилар.
21Мана шу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим кунидир.
22Зулм қилганларни ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар!
23Аллоҳни қўйиб. Бас, уларни дўзах йўлига бошланглар.
24Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар.
25Сизларга нима бўлдики, бир-бирингизга ёрдам бермаяпсизлар?
26Йўқ! Улар бугун таслим бўлгувчилардир.
27Улар бир-бирларига қараб, бир-бирларидан сўрайдилар.
28Дедилар: «Дарҳақиқат, сизлар бизга ўнг томондан келар эдингизлар».
29Дедилар: «Аксинча, ўзларингиз мўмин бўлмагансизлар».
30Биз учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик бўлмаган. Балки ўзингиз ҳаддан ошган қавм бўлгансиз.
31Бас, бизга Парвардигоримизнинг сўзи ҳақ бўлди. Энди биз аниқ тотгувчилармиз.
32Сизларни йўлдан оздирдик. Дарҳақиқат, биз ўзимиз йўлдан озгувчилар эдик.
33Бас, албатта, улар у кунда азобда шерик бўлгувчилардир.
34Дарҳақиқат, Биз жиноятчиларни шундай қилурмиз.
35Дарҳақиқат, уларга «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилса, ўзларини катта олгандилар.
36«Бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» - дейдилар.
37Асло! У ҳақни олиб келди ва пайғамбарларни тасдиқ этди.
38Албатта, сиз аламли азобни тотгувчидирсиз.
39Қилиб ўтган ишларингизнинггина жазосини олурсизлар.
40Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.
41Ана ўшалар учун маълум ризқ бордир.
42Мевалар. Уларга иззат-икром кўрсатилур.
43Ноз-неъмат боғларида.
44Сўриларда бир-бирларига қараб.
45Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантириб турилур.
46Оппоқ, ичгувчига лаззатбахш.
47Унда маст қиладиган ҳеч нарса йўқ ва улар ундан маст бўлмаслар.
48Уларнинг ҳузурида кўзларини тийгувчилар бор.
49Бамисоли яшириб қўйилган тухумлардек.
50Бир-бирларига қараб, бир-бирларидан сўрайдилар.
51Улардан бири дейди: «Менинг бир дўстим бор эди».
52У айтар эдики: «Сен ростдан ҳам тасдиқловчиларданмисан?!
53Ўлиб тупроқ ва суякка айланиб кетганимиздан кейин жазолангувчилармизми?
54Сизлар ҳам қарагувчилармисиз?»
55Бас, ўзи қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди.
56Деди: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан».
57Парвардигоримнинг неъмати бўлмаганида ҳозирланувчилардан бўлиб қолардим.
58Биз ўлгувчи эмас эканмизми?!
59Биринчи марта ўлганимиз бундан мустасно. Биз азоблангувчилар эмасмиз.
60Буюк зафар мана шу.
61Бас, амал қилгувчилар мана шундай зафар учун амал этсинлар.
62Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?
63Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилдик.
64Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.
65Унинг мевалари шайтонларнинг бошларига ўхшайди.
66Бас, улар ундан егувчилардир. Ундан қоринларни тўлдиргувчилардир.
67Бунинг устига улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирилур.
68Кейин уларнинг қайтиш жойи жаҳаннамга бўлур.
69Улар ота-боболарини адашган ҳолда топдилар.
70Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.
71Улардан олдин ўтганларнинг кўплари аниқ адашганлар.
72Дарҳақиқат, уларнинг ичларига огоҳлантиргувчилар юбордик.
73Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига қаранг.
74Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.
75Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, Биз нақадар яхши ижобат қилгувчилармиз.
76Уни ва унинг аҳлини буюк қайғудан қутқардик.
77Айнан унинг зурриётини боқий қолгувчилар қилиб қўйдик.
78Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.
79Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!
80Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
81Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.
82Кейин бошқаларни ғарқ айладик.
83Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир.
84Ўшанда у Парвардигорига соф дил билан келганди.
85Ўшанда отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» - деганди.
86Аллоҳни қўйиб, сохта худоларни истаб қолдингларми?
87Оламлар Парвардигори ҳақида қандай гумондасиз?
88Кейин у юлдузларга тикилиб қаради.
89«Мен аниқ касалман», деди.
90Бас, ундан юз ўгириб кетдилар.
91Бас, уларнинг худолари ёнига келиб деди: «Қани, емайсизларми?!
92Нега гапирмаяпсизлар?»
93Бас, улар ёнига бориб, ўнг қўли билан урди.
94Бас, унинг олдига шошиб келдилар.
95Деди: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?!
96Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилиб олган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»
97Дедилар: «Унинг учун бир бино қуриб, уни оловга отинглар».
98Унга бир макрни қасд қилгандилар. Ўзларини паст айладик.
99Деди: «Мен, албатта, Парвардигорим сари боргувчиман. У мени ҳидоят қилур».
100Парвардигорим, менга солиҳлардан ато эт.
101Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил ҳақида хушхабар бердик.
102У билан бирга юрадиган бўлгач: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман. Нима фикр билдиришингни бир ўйлаб кўр», деди. Деди: «Эй отажон, сизга буюрилган ишни қилаверинг. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз».
103Иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) таслим бўлиб, (отаси) уни пешонаси билан ётқизган пайтда
104Унга нидо қилдик: «Иброҳим!
105Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг». Албатта, Биз муҳсинларни мана шундай мукофотлаймиз.
106Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир.
107Унинг ўрнига бир катта қурбонликни эваз қилиб бердик.
108Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.
109Иброҳимга салом бўлсин!
110Биз гўзал амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.
111Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.
112Унга бир пайғамбар ва солиҳлардан бўлажак Исҳоқ ҳақида хушхабар бердик.
113Унинг ўзига ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Ҳар иккисининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.
114Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга инъом қилдик.
115Иккисига ҳам, қавмига ҳам улуғ ғамдан нажот бердик.
116Уларни қўлладик, бас, улар ғолиб бўлдилар.
117Иккисига равшан Китобни бердик.
118Иккисини тўғри йўлга ҳидоят қилдик.
119Кейингилар орасида иккиси учун (мақтовлар) қолдирдик.
120Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!
121Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
122Улар мўмин бандаларимиздандирлар.
123Илёс ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
124Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизларми?!
125Баълга (бутга) ибодат қилиб, энг гўзал Яратгувчини тарк қиласизларми?!
126Сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигори Аллоҳни (тарк қиласизларми)?!»
127Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Энди, албатта, улар (азобга) ҳозир қилингувчилардир.
128Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.
129Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.
130Илёсга салом бўлсин.
131Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
132Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.
133Лут ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
134Ўшанда Биз унга ва унинг барча аҳлига нажот бердик.
135Фақат азобда қолгувчилар орасидаги бир кампиргина бундан мустасно.
136Кейин бошқаларни ҳам ҳалок қилдик.
137Шак-шубҳасиз, сизлар тонг чоғида уларнинг устидан ўтиб турасизлар.
138Кечаси ҳам. Ақл юритмайсизларми?!
139Юнус ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
140Ўшанда у ичи тўла кемага қочганди.
141Бас, қуръа ташлашди ва у мағлублардан бўлди.
142Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди.
143Агар у кўп тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди,
144Унинг қорнида қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўларди.
145Бас, уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.
146Ва унинг устига қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.
147Уни юз минг ёки ундан-да кўпроққа пайғамбар қилдик.
148Иймон келтирдилар. Бас, уларни маълум муддат баҳраманд этдик.
149Энди улардан сўранг-чи, Парвардигорингизники қизлар-у, уларники ўғиллар эканми?
150Ёки фаришталарни қиз қилиб яратганмиз-у, улар эса гувоҳ бўлиб туришганми?
151Огоҳ бўлингизки, улар ўз уйдирмаларида шундай дейдилар:
152«Аллоҳ бола кўрди». Ва, албатта, улар ёлғончилардир.
153Ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?!
154(Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?
155Эс-ҳушингизни йиғиб олмайсизларми?!
156Ёки сизларда очиқ-ойдин бир ҳужжат борми?!
157Ростгўйлардан бўлсангиз, китобингизни келтиринглар-чи!
158У билан жинлар орасида насаб риштаси бор, дедилар. Ҳолбуки, жинлар аниқ билдиларки, улар ҳозирлангувчилардир.
159Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир.
160Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.
161Албатта, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам
162У Зотга қарши фитнага солгувчи бўла олмассиз.
163Жаҳаннамга киргувчи бўлганлар бундан мустасно.
164Биздан ҳар биримиз учун маълум бир мақом бор.
165Албатта, бизлар саф тортиб тургувчилармиз.
166Ва, албатта, бизлар тасбеҳ айтгувчилармиз.
167Ҳолбуки, улар дер эдилар:
168«Бизда ҳам олдингилардан бир эслатма бўлганида эди.
169Биз ҳам сўзсиз Аллоҳнинг покиза бандалари бўлар эдик».
170Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар.
171Дарҳақиқат, пайғамбар қилиб юборилган бандаларимизга Сўзимиз ўтган.
172Шак-шубҳасиз, аниқ улар қўллаб-қувватлангувчилардир.
173Ва, албатта, Бизнинг қўшинимиз ғолиблардир.
174Бас, сиз улардан бироз муддат юз ўгириб туринг.
175Ўшанда уларни кўринг. Улар ҳам сизни кўрадилар.
176Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширяптиларми?!
177Азоб уларнинг ҳовлисига тушганида огоҳлантирилганларнинг тонги жуда ёмон бўлади.
178Бас, улардан бироз муддат юз ўгириб туринг.
179Кўринг. Улар ҳам яқинда кўрадилар.
180Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар васф этаётган сифатлардан Покдир.
181Пайғамбарларга салом бўлсин!
182Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин!