النور
The Light • 64 ayahs • Medinan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Сура. Уни туширдик ва фарз айладик. Унда очиқ оятларни нозил қилдик. Шоядки, эслатма-ибрат олсангизлар.
2Зоний ва зонияларнинг ҳар бирини юз дарра урингиз. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, Аллоҳнинг дини борасида уларга шафқат қилмангиз. Уларнинг азобланаётганига мўминлардан бир гуруҳи гувоҳ бўлсин.
3Зоний зониядан ёки мушрикадан бошқасини ўз никоҳига олмайди. Зонияни ҳам зоний ёки мушрикдан бошқаси ўз никоҳига олмайди. Бу иш мўминларга ҳаром қилинди.
4Покиза аёлларга туҳмат қилиб, тўрт гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра урингиз ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳлигини қабул қилмангиз. Ана ўшалар фосиқлардир.
5Шундан кейин тавба қилиб, ўзларини ўнглаб олганлар бундан мустасно. Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
6Ўз аёлларини бадном қиладиганларнинг ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаса, бас, улардан бири ўзининг ростгўйлардан эканига Аллоҳнинг номига тўрт марта гувоҳлик беради.
7Бешинчисида эса агар ёлғон гапирувчилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтади).
8Аёл тўрт марта эрининг ёлғон гапирувчилардан эканига Аллоҳнинг номини айтиб гувоҳлик бериши ундан азобни даф қилади.
9Бешинчисида эса эри ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтади).
10Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганида ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, Ҳаким Зот бўлмаганида эди.
11Албатта, бўҳтонни олиб келганлар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик, деб билманглар. Аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун қилмишига яраша гуноҳ бор. Улардан гуноҳнинг каттасини кўтарган кимсага эса буюк азоб бор.
12Уни эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ туҳмат-ку», десалар бўлмасмиди?!
13Улар тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Агар гувоҳ келтира олмасалар, бас, ана ўшалар Аллоҳнинг наздида ёлғончилардир.
14Агар Аллоҳнинг сизларга дунё ва охиратда фазлу марҳамати бўлмаганида эди, киришиб, чуқурлашиб кетган бу ишингизда сизларни буюк азоб ушлаган бўлар эди.
15Ўшанда уни тилларингиз билан илиб олардингиз, оғизларингиз билан билмаган нарсангизни гапирардингиз ва бу ишни енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.
16Уни эшитган пайтингизда: «Буни гапиришимиз дуруст эмас, субҳаналлоҳ, бу буюк бўҳтондир», десангизлар бўлмасмиди?!
17Агар мўмин бўлсангизлар, қайтиб бундай ишни қилмаслигингизни Аллоҳ сизларга насиҳат қилади.
18Аллоҳ сизларга оятларни баён қилади. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.
19Иймон келтирган зотлар орасида бузуқлик тарқалишини истайдиганлар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.
20Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва Аллоҳ Меҳрибон, Раҳмли бўлмаганида эди.
21Эй иймон келтирганлар, шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, у бузуқлик ва ёмонликка буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганида эди, сизлардан бирон киши ҳеч қачон покланиб олмаган бўларди. Лекин Аллоҳ Ўзи истаган одамни поклар. Аллоҳ Эшитгувчи ва Билгувчи Зотдир.
22Сизлардан фазл ва бойлик эгалари қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлидаги муҳожирлар учун сарф-харажат қилмасликка қасам ичмасин. Афв этсинлар, кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират айлашини истамайсизларми? Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
23Албатта, покиза, бехабар (бузуқлик нималигини билмайдиган), мўмина аёлларга туҳмат тошини отганлар шу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланадилар ва улар учун буюк азоб бордир.
24Ўзларининг тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб ўтган ишларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик берган кунда.
25Ана ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини тўла қилиб беради ва улар Аллоҳнинг аниқ Ҳақ эканини билиб оладилар.
26Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар улар айтаётган бўҳтонлардан покдирлар. Уларга мағфират ва мўл ризқ бордир.
27Эй иймон келтирганлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга изн сўрамасдан ва унинг аҳлига салом бермасдан кирманглар. Мана шу сизлар учун яхшидир. Шояд, эслатма-ибрат олсангизлар.
28У ерда ҳеч кимни топмасангизлар, то изн берилмагунича унга кирманглар. Агар сизларга, қайтинглар, дейилса, қайтинглар. Мана шу сизлар учун покизароқ. Аллоҳ қилаётган ишларингизни Билгувчидир.
29Сизлар учун фойда бўлган, ўзи яшаш жойи бўлмаган уйларга кирсангизлар, сизларга зарари йўқ. Аллоҳ ошкора қилаётган ишларингизни ҳам, яширин қилаётган ишларингизни ҳам билади.
30Мўминларга айтингки, кўзларини тийсинлар ва авратларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишлардан Хабардордир.
31Мўминаларга айтингки, кўзларини тийсинлар, авратларини сақласинлар, зийнатларидан эса ўзи кўриниб турган жойидан бошқасини кўрсатмасинлар. Кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар. Зийнатларини эрлари, оталари, эрларининг оталари, ўғиллари, эрларининг ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг болалари, опа-сингилларининг болалари, ўзлари каби аёллар, қўл остидаги қуллар, аёл кишига эҳтиёжи йўқ кишилар ва аёллар авратининг фарқига бормаган гўдаклардан бошқа ҳеч кимга кўрсатмасинлар. Яшириб юрган зийнатлари билиниши учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Эй мўминлар, барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз. Шояд, нажот топсангизлар.
32Ораларингиздаги беваларни ҳамда солиҳ қулларингиз ва чўриларингизни никоҳлангиз. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ карами кенг, Билгувчи Зотдир.
33Никоҳланишга эришолмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунига қадар иффатларини сақласинлар. Қўлларингиздаги мулк бўлиб турганлардан мукотаба (озодлик шартномаси) қилмоқчи бўлганлари билан агар уларда яхшиликни билсангиз, мукотаба қилинглар. Уларга Аллоҳнинг сизларга берган молидан беринглар. Чўриларингиз иффатли бўлишни истасалар, дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини истаб, уларни зинога мажбурламанглар. Ким уларни мажбур қилса, бас, мажбур қилинганидан кейин Аллоҳ (чўриларга) Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.
34Дарҳақиқат, сизларга очиқ оятларни, олдинги ўтганлардан мисолларни ва тақводорларга насиҳатни нозил қилдик.
35Аллоҳ осмонлару ернинг Нуридир. Унинг Нури худди бир токча кабидирки, унда бир чироқ бор. Чироқ бир шиша ичида. Шиша эса бамисоли бир дур юлдуз. У шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтининг мойидан ёқилади. Унинг мойи гарчи ўт тегмаса ҳам ёритиб юборгудек бўлади. Нур устига нур. Аллоҳ Ўзининг Нурига Ўзи истаган одамни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисоллар зарб қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.
36Бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг баланд қад кўтаришига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берди. У ерларда кечаю кундуз У Зотга тасбеҳ айтурлар.
37Кишиларки, уларни тижорат ҳам, савдо ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни адо этишдан ва закот беришдан чалғитмайди. Улар қалблар ва кўзлар тинимсиз ўзгариб турадиган кундан қўрқадилар.
38Аллоҳ уларнинг қилган амалларига энг яхши мукофотни бериши ва Ўз фазлидан янада зиёда қилиши учун (шундай қиладилар). Аллоҳ Ўзи истаган одамга беҳисоб ризқ берур.
39Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги сароб кабидир. Ташна одам уни сув, деб ўйлар. Унинг олдига келганда эса ҳеч нарсани топа олмас. Ўша ерда Аллоҳни топур. Бас, Аллоҳ унинг ҳисобини тўла қилиб олур. Аллоҳ тез ҳисоб олгувчи Зотдир.
40Ёхуд тубсиз денгиздаги мавж ўраб олган зулматлар кабидирки, унинг устидан яна бир тўлқин қоплаб олган. Унинг устидан эса булут қоплаб олган. Устма-уст қалашиб ётган зулматлар. Қўлини чиқарса, уни деярли кўрмайди. Кимга Аллоҳ бир нур ато этмаса, унинг учун ҳеч қандай нур йўқдир.
41Кўрмадингизмики, Аллоҳга осмонлару ердаги жонзотлар, саф тортган қушлар тасбеҳ айтади. У Зот ҳар бирининг дуоси ва тасбеҳини билиб туради. Аллоҳ улар қилаётган ишларни Билгувчидир.
42Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Қайтиб бориш ҳам Аллоҳгадир.
43Кўрмадингизмики, Аллоҳ булутларни ҳайдайди, кейин тўплайди, ундан кейин эса бир уюм қилиб қўяди. Бас, уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. Осмондан, ундаги (булутлар) тоғидан дўл ёғдириб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни олиб кетгудек бўлади.
44Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта, бунда ақлли инсонлар учун ибрат бордир.
45Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улар орасида қорни билан юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрт оёкда юрадиганлари ҳам бор. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
46Дарҳақиқат, Биз очиқлаб берадиган оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қилур.
47«Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик, итоат этдик», - дейдилар. Мана шундан кейин улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмаслар.
48Аллоҳ ва Расулига улар орасида ҳакамлик қилиши учун чақирилсалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчидирлар.
49Агар ўзлари ҳақдор бўлсалар, унга бўйсуниб келадилар.
50Қалбларида мараз борми? Ё шубҳа-гумонга бордиларми? Ёки Аллоҳ ва Расули уларга зулм қилишидан қўрқадиларми? Йўқ. Уларнинг ўзлари золимлардир.
51Аллоҳ ва Расулига улар орасида ҳакамлик қилишлари учун чақирилганларида мўминларнинг айтган гапи фақат: «Қулоқ солдик ва итоат этдик», дейиш бўлди. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
52Ким Аллоҳга ва Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқса, тақво қилса, бас, ана ўшалар зафар қучгувчилардир.
53Агар сиз амр этсангиз, албатта, чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичдилар. Айтинг: «Қасам ичманглар. Бу бир маълум тоатдир. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир».
54Айтинг: «Аллоҳга итоат қилинглар. Пайғамбарга итоат қилинглар. Агар юз ўгириб кетсангизлар, бас, унга ўзининг зиммасига юклатилгани, сизларга ҳам ўзларингизнинг зиммангизга юклатилгани. Агар унга итоат этсангизлар, ҳидоят топасизлар. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ қилиб етказиб қўйишдан бошқа вазифа йўқ».
55Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларга ваъда қилдики, албатта, уларни ер юзида худди улардан олдингиларни халифа қилганидек халифа қилгай ва улар учун Ўзи рози бўлиб берган динини мустаҳкам айлагай ҳамда уларнинг хавфу хатардан кейинги аҳволини тинчлик-омонликка айлантириб бергай. Менга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қиладилар. Шундан кейин ким куфр келтирса, ана ўшалар фосиқлардир.
56Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шояд, раҳм қилинсангизлар.
57Куфр келтирган кимсаларни ер юзида қочиб-қутулиб кетгувчилар, дея ҳаргиз ўйлай кўрманг. Уларнинг борар жойи дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат!
58Эй иймон келтирганлар! Сизлардан қўл остингиздагилар ҳам, балоғатга етмаганлар ҳам уч ўринда, бомдод намозидан олдин, пешиндаги кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин изн сўрасинлар. Бу уч вақт сизлар учун авратлардир. Ундан кейин сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизларникига, бир-бирингизникига борди-келди қилиб тургувчиларсиз. Аллоҳ сизларга оятларни мана шундай баён қилади. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.
59Гўдакларингиз балоғатга етгач, улардан олдингилар изн сўраганидек изн сўрасинлар. Аллоҳ сизларга оятларини мана шундай баён қилади. Аллоҳ Билгувчи, Ҳикматли Зотдир.
60Аёллардан ўтириб қолиб, никоҳдан умиди узилганларининг ясан-тусан қилмаганлари ҳолда рўмолларини ечишларида уларга гуноҳ йўқ. Ўзларини иффатли тутишлари ўзлари учун яхшироқдир. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчи Зотдир.
61Кўр кишига зарари йўқ. Чўлоққа зарари йўқ. Касалга зарари йўқ. Сизлар ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё калитларига сизлар эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқ. Тўпланиб овқатланасизларми ё бўлинибми, сизларга гуноҳ йўқ. Уйларга кирган пайтингизда ўзларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар. Аллоҳ сизларга оятларни мана шундай баён қилади. Шояд, ақл юритсангизлар.
62Мўминлар Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтирган зотлардир. Улар муҳим бир ишда у зот билан бирга бўлиб қолсалар, изн сўрамасдан кетмайдилар. Сиздан изн сўрайдиганлар - ана ўшалар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирган кишилардир. Бас, айрим ишлари учун сиздан изн сўрасалар, ўзингиз истаган кишиларга рухсат беринг ва улар учун Аллоҳга истиғфор айтинг. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.
63Пайғамбарни чақиришни ўзаро бир-бирингизни чақириш каби қилмангизлар. Орангиздаги билдирмасдан суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. Бас, у Зотнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар!
64Огоҳ бўлингизким, осмонлару ердаги нарсалар, шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. Қай аҳволда турганингизни аниқ билади. У Зотга қайтариладиган кунларида уларга қилган ишлари ҳақида хабар берур. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.