الحج
The Pilgrimage • 78 ayahs • Medinan
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
1Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Соат (Қиёмат) зилзиласи буюк нарсадир.
2Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизаётган (она) эмизиб турган (боласи)ни унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлаб юборар. Одамларни маст ҳолда кўрурсиз. Ҳолбуки, улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
3Одамлар орасида ўзи билмай туриб, Аллоҳ ҳақида тортишаверадиганлари ва ҳар бир бебош шайтонга эргашиб кетаверадиганлари ҳам бор.
4Унга битилганки, албатта, ким уни дўст тутса, уни йўлдан оздиради ва дўзах азобига йўллаб қўяди.
5Эй одамлар, қайта тирилиш ҳақида шубҳа қилсангизлар, бас, сизларга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, кейин нутфа-манийдан, кейин лахта қондан, кейин яралиб битган-битмаган парча гўштдан яратдик. Бачадонларда белгиланган муддатга қадар истаган нарсамизни қолдирамиз. Кейин сизларни чақалоқ қилиб чиқарамиз. Кейин вояга етказамиз. Сизлардан кимдир вафот этиб кетар. Кимдир эса ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада энг тубан умрга қайтарилар. Ерни қақраган ҳолда кўрасиз. Қачон унга сув-ёмғир ёғдирсак, у кўпчийди ва турли хил чиройли жуфтларни ундириб чиқаради.
6Бунга сабаб шуки, Аллоҳ Ҳақдир. У ўликларни тирилтиради. У ҳар ишга Қодирдир.
7Соат эса келгувчидир. Бунга шак-шубҳа йўқ. Албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур.
8Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз талашиб-тортишадиганлари ҳам бор.
9Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун бўйин буриб. Унга бу дунёда шармандалик бордир. Қиёмат куни эса унга дўзах азобини тоттирамиз.
10Бунга сабаб қўлларинг қилган ишлардир. Албатта, Аллоҳ бандаларга зулм қилгувчи эмас.
11Одамлар орасида Аллоҳга иккиланиб ибодат қиладиганлари ҳам бор. Унга бирон яхшилик етса, хотиржам бўлади. Бирон синов етса, юз ўгиради. У дунёни ҳам, охиратни ҳам ютқазибди. Очиқ ютқазиш мана шудир.
12У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсага дуо қилади. Узоқ адашиш мана шудир.
13У фойдасидан кўра зарари аниқроқ бўлган нарсага дуо қилади. У - нақадар ёмон хожа, нақадар ёмон дўст.
14Албатта, Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амалларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади.
15Ким: «Аллоҳ унга ҳеч қачон ёрдам қилмайди», деб ўйласа, бас, бир арқон билан осмонга-шифтга осилсин. Кейин уни узсин. Бас, қарасин-чи, бу ҳийласи ғазабини кетказармикан.
16Шунингдек, уни очиқ оятлар қилиб туширдик. Аллоҳ Ўзи истаган одамни ҳидоят қилади.
17Иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насронийлар, мажусийлар ва ширк келтирганлар. Қиёмат куни Аллоҳ уларнинг орасини ажрим қилади. Аллоҳ ҳар нарсага Гувоҳдир.
18Осмондагилар, ердагилар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, ҳайвонлар ва кўп инсонлар Аллоҳга сажда қилаётганини кўрмадингизми? Кўпларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳ кимни хор қилса, уни ҳеч ким азиз қила олмас. Аллоҳ истаган ишини қилур.
19Бу икки рақиб Парвардигорлари ҳақида талашиб-тортишдилар. Куфр келтирган кимсаларга оловдан кийимлар бичилди. Уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлади.
20У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилур.
21Улар учун темир гурзилар бордир.
22Қачон ундан, ғам-қайғудан чиқмоқчи бўлсалар, унга яна қайтарилурлар ва (уларга шундай дейилур): «Куйиш азобини тотинглар».
23Аллоҳ иймон келтирган ва яхши ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. У ерда улар олтин билагузуклар ва дур-гавҳарлар билан безанурлар. У ерда кийимлари ипакдан бўлади.
24Улар ёқимли гапга ҳидоят қилиндилар ва мақтовга лойиқ йўлга ҳидоят қилиндилар.
25Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли аҳоли учун ҳам, четдан келганлар учун ҳам баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганлар. Ким зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, унга аламли азобни тоттирурмиз.
26Эсланг! Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб (дедик): «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, қиёмда тургувчилар ҳамда руку ва сажда қилгувчилар учун покла».
27Одамларни ҳажга чақир. Улар узоқ-узоқлардан пиёда ҳамда ориқ, ҳолдан тойган туялар устида келадилар.
28Ўзларига аталган манфаатларга гувоҳ бўлиш ҳамда уларга ризқ қилиб берилган чорва ҳайвонларини (қурбонлик қилаётиб) Аллоҳнинг номини зикр қилиш учун (келадилар). Улардан ўзинглар ҳам тановул қилинглар, бечора мискинларга ҳам едиринглар.
29Кейин кирларини кетказсинлар. Назрларини тўла адо этсинлар ва «Қадимги Уй»ни тавоф қилсинлар!
30Шу. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, Парвардигори ҳузурида ўзига яхши бўлади. Сизларга чорва моллари ҳалол қилинди. Фақат сизларга энди тиловат қилинадиганлари бундан мустасно. Бас, бутларга ўхшаган нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон гапиришдан йироқ бўлинг.
31Аллоҳга холис бўлинглар, У Зотга ширк келтиргувчи бўлманглар. Ким Аллоҳга ширк келтирса, у гўё самодан қулаган-у, уни бир қуш ўлжа қилиб олган ёки шамол уни узоқ ерга учириб кетган кимса кабидир.
32Шу. Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, бу иш қалбларнинг тақвосидандир.
33Сизлар учун уларда маълум муддатгача фойдалар бор. Кейин уларни сўйиш ўрни Қадимги Уйдир.
34Ҳар бир умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз. Токи уларга ризқ қилиб берилган чорва ҳайвонларини (сўяётганда) Аллоҳнинг номини зикр қилсинлар. Илоҳингиз ягона илоҳдир. Бас, Унгагина бўйсунингиз. Бўйсунганларга хушхабарни етказинг.
35Улар Аллоҳ зикр қилинганда қалблари титраб кетадиган, ўзларига етган мусибатларга сабр қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан сарфлайдиган зотлардир.
36Туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг белгиларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Уларни тик турган ҳолида бўғизлаётганингизда Аллоҳ номини зикр қилингиз. Йиқилиб, ёнлари ерга текканда эса улардан еяверинглар, қаноат қиладиган одам ва тиланчини ҳам таомлантиринглар. Шояд, шукр қилсангизлар деб, уларни сизларга бўйсундириб қўйдик.
37Аллоҳга уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормайди. Лекин У Зотга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етиб боради. Мана шундай қилиб уларни сизларга бўйсундириб берди. Токи Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани учун У Зотга такбир айтинглар. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг.
38Аллоҳ иймон келтирган зотларни, албатта, мудофаа қилади. Аниқки, Аллоҳ ҳар бир хоин нонкўрни севмайди.
39Ҳужумга учраётган зотларга зулмга учраганлари сабабли (уруш қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларни ғолиб қилишга Қодирдир.
40Улар диёрларидан ноҳақ, фақат «Парвардигорим Аллоҳдир», деганлари учунгина қувилган зотлардир. Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмаганида Аллоҳнинг номи кўп зикр қилинадиган черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва масжидлар вайрон қилинган бўларди. Аллоҳ Ўзига ёрдам берган одамга албатта ёрдам беради. Аллоҳ Қудратли ва Ғолибдир.
41Уларни ер юзига ғолиб қилсак, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг Қўлидадир.
42Сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, сиздан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самудлар ҳам (пайғамбарларини) ёлғончига чиқарганлар.
43Иброҳим қавми, Лут қавми.
44Мадян эгалари ҳам. Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Кофирларга бироз муҳлат бериб, кейин уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!
45Қанча қишлоқлар борки, золим бўлган пайтида уларни ҳалок қилганмиз. Мана энди улар қулаган томлар, ташландиқ қудуқлар ва ҳувиллаган қасрларга айланиб қолганлар.
46Заминни кезиб юрмайдиларми? Ўшанда ақлини ишлатадиган диллари ва эшитадиган қулоқлари бўлар эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмайди. Кўкслардаги кўнгиллар кўр бўлади.
47Сизни шошилтиришиб, тезроқ азоб келишини сўрайдилар. Аллоҳ ҳеч қачон Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Парвардигорингиз ҳузуридаги бир кун сизлар санайдиган минг йил кабидир.
48Қанча қишлоқлар бўлганки, золим бўлса ҳам уларга муҳлат бердим. Кейин уларни (азоб билан) ушладим. Қайтиш ёлғиз Менгагинадир.
49Айтинг: «Эй одамлар, мен сизлар учун бир очиқ огоҳлантирувчиман, холос».
50Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ризқ бордир.
51Бизнинг оятларимиздан ғолиб бўлишга уринганлар - ана ўшалар дўзах эгаларидир.
52Сиздан олдин бирон расул ва набийни юбормадикки, у қироат қилган пайтида шайтон унинг қироатига (унда йўқ нарсани) ташламаган бўлса. Аллоҳ шайтон ташлаган нарсани ўчириб юборади. Ундан кейин Аллоҳ оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билувчи ва ҳар бир ишни ҳикмат билан Қилувчидир.
53Шайтон ташлайдиган нарсани қалбида марази борлар ва бағритошлар учун бир синовга айлантиради. Золимлар тинимсиз талашиб-тортишувдадирлар.
54Илм ато этилган зотлар эса унинг Парвардигорингиз тарафидан келган ҳақ эканини билиб, унга иймон келтирадилар ва қалблари у билан таскин топади. Албатта, Аллоҳ иймон келтирган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.
55Куфр келтирган кимсалар эса то тўсатдан Қиёмат келиб қолгунича ёки қисир куннинг азоби келгунига қадар шубҳаланишда давом этаверадилар.
56У кунда ҳукм Аллоҳникидир. Улар орасида ҳукм қилур. Иймон келтириб, яхши ишларни қилганлар ноз-неъмат жаннатларидадирлар.
57Куфр келтириб, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар учун эса хор қилувчи азоб бордир.
58Аллоҳ йўлида ҳижрат қилиб, кейин ўлдирилган ёки ўзи ўлганларга Аллоҳ гўзал ризқ ато этур. Дарҳақиқат, ризқ берувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳдир.
59Албатта, уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритур. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалим Зотдир.
60Шу. Ким ўзига берилган озор баробарида озор берса, кейин яна унга зулм қилинса, албатта, Аллоҳ унга ёрдам беради. Албатта, Аллоҳ афв Қилгувчи, Кечиргувчидир.
61Зеро, Аллоҳ кечани кундузнинг ичига, кундузни эса кечанинг ичига киритади. Албатта, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчи Зотдир.
62Бунга сабаб шуки, ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир. Сизлар сиғинаётган бутлар эса ботилдир. Албатта, Аллоҳ Олий ва Улуғдир.
63Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдириб, замин ям-яшил бўлганини кўрмадингизми? Аллоҳ Меҳрибон ва Хабардор Зотдир.
64Самолардаги нарсалар ҳам, заминдаги нарсалар ҳам ёлғиз Уникидир. Албатта, Аллоҳ Беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир.
65Аллоҳ заминдаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузиб юрадиган кемаларни сизларга бўйсундириб берганини ҳамда осмонни ерга қулаб тушишдан тутиб туришини, магар Унинг изни билангина (қулаши мумкинлигини) кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга Меҳрибон ва Раҳмлидир.
66Сизларни тирилтирган ҳам, кейин ўлдирадиган ҳам, кейин яна қайта тирилтирадиган ҳам У Зотдир. Албатта, инсон нонкўрдир.
67Ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сиз билан талашмасинлар. Парвардигорингизга даъват қилинг. Албатта, сиз тўғри йўлдасиз.
68Сиз билан талашиб-тортишсалар, уларга шундай деб айтинг: «Қилаётган ишларингизни Аллоҳ билгувчироқдир».
69«Аллоҳ Қиёмат куни сиз ихтилоф қилган нарса бўйича орангизда ҳукм қилур».
70Аллоҳ осмону ердаги нарсаларни билишини билмадингизми? Албатта, бу нарса Китобдадир. Албатта, бу иш Аллоҳга осондир.
71Аллоҳни қўйиб, бирон ҳужжат туширмаган ва ўзлари ҳам билмайдиган нарсага ибодат қиладилар. Золимларга бирон мададкор йўқдир.
72Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганида куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрасиз. Уларга оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга чанг солишларига яқин қолур. Сиз уларга шундай деб айтинг: «Бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзахдир. Аллоҳ уни куфр келтирган кимсаларга ваъда қилган. У нақадар ёмон қайтиш жойидир».
73Эй одамлар, бир масал зарб этилди. Унга қулоқ солинглар. Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бутларингиз ҳаммаси бир бўлса ҳам бир пашшани яратолмайдилар. Агар пашша улардан бирон нарсани олиб қўйса, уни қутқара олмайдилар ҳам. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинмиш ҳам заиф-ожиздир.
74Улар Аллоҳни етарлича қадрламадилар (улуғламадилар). Аллоҳ Кучли ва Ғолибдир.
75Аллоҳ фаришталардан элчиларни саралаб олади, инсонлардан ҳам. Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчи Зотдир.
76Уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билади. Ишлар Аллоҳга қайтарилади.
77Эй иймон келтирган зотлар, рукуъ қилинглар, сажда қилинглар, Парвардигорингизга сиғиниб, яхшилик қилинглар. Шояд, нажот топсангизлар.
78Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилинглар. У Зот сизларни саралаб олди. Сизларга динда бирон ноқулайликни қўймади. Отангиз Иброҳимнинг миллати. У олдин сизларни мусулмонлар, деб номлади. Бу ишда пайғамбар сизларга гувоҳ бўлса, сизлар одамларга гувоҳ бўласизлар. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар, Аллоҳга боғланинглар. У Ҳожангиздир. Нақадар яхши Ҳожа ва нақадар яхши Мададкор!